Замон охир бўлаётганлиги,
қиёмат-қойимнинг яқинлиги ҳақидаги нақллар бундан минг-минг йиллар аввал
ёзилган китоб ва битикларда учрайди. Шу жумладан, мусулмонлар ва
христианларнинг муқаддас китоблари «Қуръон» ҳамда «Инжил»да бу борада аниқ-тиниқ
ёзиб қўйилган, яъни, қиёмат муқаррар. Бир кунмас-бир кун Ердаги жами жону
жонзотлар даҳшатли воқеалар оқибатида қирилиб битади. Ер курраси ҳам бамисли
енгил патлардек коинотга тўзғиб кетади. Аммо ундан олдин маълум воқеалар ва ҳодисалар
рўй бериши керакки, худога шукр, улар ҳали содир бўлганича йўқ.
Кейинги вақтларда ушбу
башорат билан олимлар ҳам қизиқиб қолишди. Улар охирзамон ҳақидаги гапларда
нечоғлиқ ҳақиқат борлигини аниқлашга уриниб, қуйидаги хулосаларга келишди.
Олимларнинг фикрларича, Ер
куррасидаги ҳаётга ўнга яқин омиллар хавф солиб турибди.
Булардан энг биринчиси –
иқлимнинг глобал исиб бораётганлигидир. Ҳисоб-китобларга қараганда, асри
охиригача Ердаги ўртача ҳарорат икки даражага кўтарилади ва кейинчалик янада
тезлашади. Оқибатда асрий музликлар эрийди, пастликларни сув босиб, қуруқликда
сув танқислиги, водий ва воҳаларда эса чўлланиш жараёни кучаяди. Натижада аҳолининг
буюк кўчишлари содир бўлиб, заминимиздаги шаклланган жорий ҳаёт тартиби
парокандаликка юз тутади.
Иккинчи хавф эҳтимоли –
толомерик емирилишдир. Маълумки, ҳар бир жонзот ДНКларидаги хромосомалар
охирида толомерлар, яъни ҳимоя қалпоқчалари бор. Уларсиз хромосомалар беқарор бўлиб
қолади. Ҳар бир ҳужайра кўпайган сари толомерларнинг бир қисми қисқариб боради.
Агар толомерлар кўплаб емирилиб кетса, рак, алқмейгер, инфаркт, инсульт сингари
касалликлар келиб чиқади, бу эса Ер юзидаги одам зотининг оммавий ҳалокатига
сабаб бўлиши мумкин экан.
Учинчи хатар – бу
сайёрамизда вақти-вақти билан такрорланиб турувчи вируслар пандемиясидир.
Масалан, 1918 йилда вирусли грипп хуружи оқибатида 20 миллиондан ортиқ одам
нобуд бўлган. Ҳозир Ер юзи аҳолиси 7 миллиарддан ортиб кетганлигини эътиборга
олсак, эндиги пандемия қурбонлари сони бир неча баробар ортиқ бўлиши аниқ.
Тўртинчиси – терроризм
балоси. Ҳозирча террористлар оддий қуроллардан фойдаланишмоқда. Агар уларнинг қўлига
оммавий қирғин қуроллари тушиб қолса нима бўлади?! Худо кўрсатмасин, ядро қуролини
қўлга киритсалар-чи?
Бошимиз узра хавф солиб
турган бешинчи хавотир – Ер атмосферасига йирик метеорит ёки астероиднинг кириб
келишидир. Катталиги минг метрдан зиёд бирор йирик жисм тушгудек бўлса, портлаш
кучи ниҳоятда даҳшатли бўлади. Натижада осмон чанг ва ғубор билан қопланиб, узоқ
давр давом этадиган метеорит зимистони кузатилади. Қуёш нурлари тўсилиб, ердаги
экотизим издан чиқиш эҳтимоли мавжуд.
Олтинчиси – коинотдан
кириб келаётган космик нурлар ҳалокатидир. Бунда Сомон йўли галактикасидаги
бирор бир юлдузнинг портлаши натижасида ҳосил бўладиган зарарли космик нурлар
Ердаги ҳаётга ҳалокатли таъсир ўтказиши мумкин.
Еттинчи эҳтимол – ўта
йирик вулқоннинг отилиши. Бунда ҳам худди йирик
осмон жисмининг Ерга тушганида кузатиладиган ҳодиса рўй беради. Кучли зилзила,
осмоннинг тўсилиши ва узоқ давом этадиган совуқ қиш иқлими натижасида Ер юзидаги
ҳарорат пасайиб кетади.
Охирги, саккизинчи бало
– Ер куррасининг коинотдаги «қора ўра» билан учрашиб қолишидир. Бунда ўра уни
худди сув гирдоби олмани домига тортиб кетганидек ҳолат рўй беради ва…
Албатта буларнинг бариси
олимларнинг тахминий ҳисоб-китоблари ва компьютерда моделлаштирилган воқеалар
жараёни ҳисобланади.
Лекин бугунги кунда Ер
куррасидаги ҳаёт барқарорлигига бевосита хавф-хатар пайдо қилаётган муаммолар
борки, уларни бартараф қилиш ва хатарнинг олдини олиш мумкин. Бу ҳақда сўз
кетганда, энг аввало, табиий муҳитни, яъни атмосфера ҳавосини, дарёлар,
денгизлар ва океанларнинг ифлосланиши ҳамда иқлим ўзгариши, ўрмонларни сақлаш,
чиқиндиларни йўқотиш ва бошқа масалаларни айтиш мумкин. Биз юқорида санаб ўтганимиздек,
сайёрамизнинг ҳаётни таъминлаш тизимлари билан боғлиқ кўплаб табиий муаммолар
мавжуд. Бироқ, инсонлар билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий муаммолар борлигини ҳам
унутмаслик керак.
БМТ қошидаги ЮНЕСКО
мутахассислари бу муаммоларни ўрганиб чиқди ва улардан қуйидаги энг муҳим
бештасига алоҳида эътибор қаратди. Булар:
– сайёрамиз аҳолиси
сонининг тез кўпайиб бораётганлиги ва унинг нотекис тақсимланганлиги;
– умумжаҳон миқёсида
камбағалликнинг ортиб бораётганлиги;
– табиий муҳитга салбий
таъсирнинг ортиб бориши;
– демократик эркинликлар
ва инсон ҳуқуқларининг камситилиши, зўравонлик ҳамда низоларнинг кўпаяётганлиги;
– иқтисодий ривожланиш
ва табиатни муҳофазалаш мақсадларининг мос эмаслиги.
Жаҳон миқёсида ҳаёт барқарорлигига
хавф солиб турган ушбу долзарб бешта муаммо орасида бевосита чамбарчас боғлиқлик
мавжуд. Уларнинг ҳеч бирини алоҳида ечим билан бартараф қилиб бўлмайди.
Масалан, зўравонлик, одатда, камбағалликнинг сабаби ва унинг оқибатидир. Аҳоли
сонининг кескин ўсиб бориши экотизимларга таъсирни кучайтиради. Инсониятнинг хўжалик
фаолияти эса иқлимнинг ўзгаришига сабаб бўлмоқда.
1950 йилда сайёрамиз аҳолиси
2,5 миллиард киши эди. Ҳозир 7 миллиарддан ошиб кетди. 2025 йилга бориб 8
миллиардга етиши кутилмоқда. Энг қизиғи шундаки, Ер курраси аҳолиси сони ўсишининг
94 фоизи нисбатан кам ривожланган мамлакатлар ҳисобига тўғри келмоқда. Бундоқ
олиб қараганда, аҳоли сонининг ортиши кўпроқ таъминланган мамлакатларда содир бўлиши
лозим эди. Ҳаёт зиддиятларидан бири шундаки, ривожланган мамлакатларда бу улуш
бор-йўғи 6 фоизга тўғри келаётир. Қашшоқ минтақаларда аҳоли сонининг кўпайиб
бориши табиий ресурслар учун курашнинг кучайишига, оқибатда маҳаллий низолар ва
ҳатто урушларнинг пайдо бўлишига, аҳолининг кўчиши, камбағаллик ҳамда очарчилик
жараёнларининг кучайишига олиб бориши мумкин.
Камбағаллик аҳоли сони ўсишининг
оқибатларидан бири бўлиб, инсоният мавжудлиги ва ҳаёт тараққиётига катта хавф
солиб турибди. Дунёдаги бир миллиарддан ортиқ одам ёки ривожланаётган
мамлакатлар аҳолисининг учдан бир қисми жуда қашшоқликда яшамоқда. Аҳолининг
камбағаллашуви табиий ресурслардан ортиқча фойдаланишга олиб келади. Бу эса ўз
навбатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби
умумбашарий муаммоларни ҳал қилишни қийинлаштирмоқда. Камбағаллик самарали
таълим олиш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланишга имкон бермайди. Бундан ташқари,
қашшоқлик, юқорида ёзганимиздек, зўравонлик, урушлар ва маҳаллий-маиший
низоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳодисалар эса ўз навбатида ҳаёт барқарорлигига
путур етказади.
Камбағаллик нафақат
табиий сабаблар, балки, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг дунё мамлакатлари орасида
нотекис тақсимланиши оқибатида ҳам пайдо бўлмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш
керакки, маҳсулот етиштиришни кўпайтиришнинг ўзи билан камбағалликка барҳам
бериб бўлмайди. Ишлаб чиқаришда машғул ишчи кучлари ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар
адолатли тарзда тақсимланиши зарур. Ҳозирги вақтда дунё аҳолисининг энг бой тўртдан
бир қисми, сайёрамиздаги бойликларнинг тўртдан уч қисмини истеъмол қилмоқда.
Айтайлик, Шимолий Америкада яшайдиган одам Ҳиндистондаги кишига нисбатан нефть
маҳсулотларини 15 марта кўп сарфлайди. Бойлик ва камбағаллик орасидаги фарқлар
нафақат мамлакатлар ўртасида, балки, одамлар ўртасида ҳам кузатилади. Масалан,
дунёдаги энг бой 359 одамнинг давлати камбағалликда яшовчи 2,4 миллиард
кишининг ёки Ер шаридаги 40 фоиз аҳолининг бойлигига тенгдир. Ушбу тенгсизлик
жарлиги, айниқса, АҚШ, Россия, Хитой сингари мамлакатларда ғоят чуқурлашиб
кетган. Юзлаб миллионерлар, миллиардерлар бойликка кўмилиб яшаётган бир пайтда,
жамиятнинг катта қисми қўл учида яшашга маҳкум. Бундай адолатсизлик дунёнинг
айрим минтақаларида урушлар, низолар ва инқилобларни пайдо қилмоқда.
Демак, камбағалликни
камайтириш – барча мамлакатлар учун барқарорлик ва тараққиётнинг зарурий ҳамда
мажбурий шартидир.
Табиий муҳитнинг
бузилаётганлиги ҳам глобал муаммоларнинг узвий бир қисмидир. Ер сайёрасининг кўпайиб
бораётган нуфусини озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарурий эҳтиёж маҳсулотлар
билан етарли таъминлашга уриниши ўз навбатида экологик фалокатларни келтириб чиқармоқда.
Айниқса, минерал ўғит ва пестицидлардан, табиатда мавжуд бўлмаган кимёвий
моддалар (ксенобиотиклар)дан фойдаланиш, саноат ҳамда энергия олиш мақсадларида
углеводород ёқилғиларни кенг қўллаш ғоят ачинарли оқибатларга олиб келаётир. Табиий
муҳитга узоқ муддатли салбий таъсир ўтказилаётганлиги сабабли ўсимлик ва ҳайвонот
оламига тикланмас зарар етказилмоқда. Озон қатламининг сийраклашуви, тупроқ
эрозияси, воҳаларнинг чўлланиши ва биохилмахилликнинг камайиши бевосита инсон хўжалик
фаолиятининг нохуш оқибатларидир.
Афсуски, аҳоли турмуш
даражасини яхшилаш экологик муаммолардан ҳам устун, деб ҳисобловчилар кам эмас.
Шуни унутмаслик керакки, Ер юзасидаги барқарор тараққиёт иқтисодий ривожланиш
билан экологик мақсад уйғунлиги асосида таъминланади.
Биз юқорида кишилик
жамиятининг табиатга нисбатан кўрсатаётган зуғуми ҳақида тўхталдик. Шуниси қизиқки,
инсонлар нафақат табиатга, балки, бир-бирларига ҳам зарар етказишмоқда. Бу эса
кўп кулфатларнинг сабабчисидир. Тараққиётнинг паст даражаси, аҳолининг камбағаллиги
дунёдаги айрим давлатларнинг нодемократик ривожланишининг сабаби ва оқибатидир.
Бундай қонунни бажариш ва ҳимоя қилиш вазифаси бўлган давлат кўпинча ўзи
биринчи бўлиб уни бузади. Ушбу ҳолатда инсонларнинг ҳуқуқи камситилади, сиёсий
ёки шахсий сабабларга кўра этник ёки диний низолар келиб чиқади. Ўтган ўн
йилликларнинг тажрибаси шуни кўрсатяптики, ривожланишдаги муваффақиятсизликлар
кўпинча зўравонликнинг кучайишига ҳамда маданий, этник ва диний можаролар келиб
чиқишига сабаб бўлди. 1990 йилдан буён ҳар ўнта урушнинг тўққизтаси у ёки бу
мамлакат ичида содир бўлди ва бу можароларда жабрланганларнинг тўқсон фоизи
тинч аҳолидир. Ҳаёт тинчлик ва барқарорлик тараққиётнинг асосий шарти
эканлигини яна бир бор исботлади.
Ҳозир жамият
ривожланишининг асосий кўрсаткичи – ундаги инсонларнинг фаровонлиги ҳисобланади.
Уни эса давлатнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) миқдори ўзида акс эттиради.
Дунёнинг ривожланган давлатларида ушбу миқдор аҳоли жон бошига ҳисоблаганда
20-30, ҳатто 40 минг долларга тенглашади. Бироқ, бизнинг асримизга келиб шу
нарса маълум бўлиб қолдики, жамиятнинг табиат билан уйғунликда ривожланган
шароитдагина чинакам тараққиёт бўлади. Таассуфлар бўлсинки, ривожланаётган
мамлакатлар борган сари Европа, Япония, АҚШдаги каби киши бошига ЯИМ даражасига
эришишни бош мақсад қилиб қўймоқда. Бу эса ўз навбатида беҳисоб табиий
ресурслардан бешафқат фойдаланишни тақозо этади. Биз ушбу мақолада
она-сайёрамиз келажагига соя ташлаб турган таҳдид ва муаммоларни қаламга олиб ўтишга
ҳаракат қилдик. Унинг табиати нақадар нозик эканлиги, ўйланмай қилинган ҳар бир
ҳаракат олам ва одам тақдирида тузатиб бўлмас фожиага сабаб бўлиши ҳақида
гапириш ортиқча.
Биз шундай гўзал ва
бетакрор ҳаётимиз учун сахийликда тенги йўқ она-сайёрамизга миннатдорчилик
билдиришимиз, шукроналар айтишимиз лозим. Шу билан бирга биз яшаб турган шу гўзал
дунёни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақида билишимиз ва бошқаларни
ҳам хабардор қилишимиз шарт.
Худойберди КОМИЛОВ.
«Зарафшон» газетаси, 118-сон.
www.zarnews.uz
Комментариев нет:
Отправить комментарий