четверг, 8 октября 2015 г.

Орият нима ўзи?


Бир танишимни учратиб қолдим. Беш йил олдин чет давлатга ишга кетганди. Ора-сира келиб 15-20 кун қишлоқда турса-да яна қайтиб кетарди. Бу вақт ичида қишлоқда бобоси вафот этди, келолмади, ўзи билан кетган акаси ҳам бир йилча олдин ногирон бўлиб қайтиб келибди. Ҳозир давлатдан нафақа олаётган экан. Танишим эса айни вақтда кучга тўлган, тўсиқ билмайдиган ёшда.
Чет элда ҳозир унинг ишлари зўр. Савдо марказида сотувчилик қилади. Пул топаяпти. Ота-онасига ёрдам қилиб турибди. Айтишича, норасмий тарзда бўлса-да «хозайн»и кафолати билан кўча-кўйда эркин эмиш. Асосийси, бошлиғининг кўҳликкина қизига кўнгил қўйибди. Уйланиб, ўша ёқда қолиш нияти борлигин яширмади. Тўғридан-тўғри чет эл фуқаролигини олмоқчи.
Ватанпарварлик пулга сотилмайди
Мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ отамнинг оғзидан бир иборани кўп эшитардим: «Султон суягини хўрламайди». Кўпинча бу танбеҳга бирор ножоиз иш қилганимда лойиқ кўрилардим. Отам бу гапни айтаётганда жуда жиддий бўлар ва юзидан қаттиқ ғазаблангани сезилиб турарди. Яқинда онам кимдир қизнинг бойлиги учун уйланаётгани ҳақида гапириб қолдилар. Ўшанда отам яна «Бу йигитнинг иши эмас, эркакнинг ўзига берсин. Суяги хор бўладиган бўпти» дедилар, ва биз, фарзандларига ҳам «етиб борсин» деган мақсадда жиддий қараб қўйдилар.
Бу нақлни биров ўйлаб топмаган, ўзбек халқининг асрлар оша шаклланган ори, ғурури, андишаси, нафсониятини ифода этиш учун пайдо бўлган. Англаяпманки, бундай панд-насиҳат ўғилларга оталар томонидан берилса, бир умр хотирада қолади. Ахир, отага ўхшашни истамаган, унга тақлид қилмаган ўғил борми? Ҳар қадамимизда отамиздай мард, танти, сахий бўлишни хоҳлашимиз бор гап-ку.
Ўйга толади, киши. Чет эллик бойвачча қизга уйланиб, қайнотасининг пулига эга чиқиш учун инсоннинг маънавий қиёфаси қай даражада бўлиши керак? Ватанга бўлган содиқлик, вафодорлик, меҳр ҳисси нега бунча арзонлашиб кетаётган экан? Нега йигит киши белининг оғришидан, улкан кошона (давлат) пойига битта ғишт қўйишдан бунчалик қочмаса? Ахир, иморат қурилишида соя-салқинда ётиб, тайёр бўлгач, ҳаммадан олдин уйга кириб олиш виждонли кишининг иши эмас-ку! Шу юрт пойига, Ватан равнақига, халқ дардига эш бўлмаган каснинг маслаги борми? Эътиқоди қандай?
Ватанпарварлик асло пулга сотилмайди! Ватан Ватансизга тегишли эмас!
Чет элда бировнинг ҳаққига кўз олайтириб, миллатимиз шаънига иснод бўладиган иш қилиб, ўзини «ерга уриб» топилган пул татирмиди?! (Бу нисбат айнан юрт шаънига муносиб иш тутмаётган тоифага тегишли) Меҳнатдан, ўз қўли билан яратишдан қочганида боболаримиз дунёни олармиди? Борингки, улар шон-у шавкати, жасурлиги, тадбирли бўлгани билан қачонгача ғурурланамиз?
«Алёнушка»га уйланиб, отасини «папа»га, энасини «мама»га алишаётган ким? Чуқурроқ ўйлаб кўрилганда бу ношукурлик, сотқинлик эмасми? Фарзанд ота-онани танлай олмагани каби Ватанни ҳам танлай олмас экан, қандай қилиб Ватандан тонилади?!
«Уч юз спарталиклар» деган кино бор. Ўшанда бир хоин спарталикларни душманга сотади. Ватан эшигини очиб беради, олтин ва аёл эвазига (негадир хоинни ўша танишимга ўхшатаман). Демоқчи бўлганим, унинг сотқинлиги, орсизлиги, шахссизлиги эмас, ким ва қандай одам бўлгани. Спарталикларда бир одат бор эди. Бу уларнинг номуси, рамзи ҳисобланарди. Яъни, қалқон. Ўша қалқонни елкаси қадар кўтаргангина жангчи бўлишга лойиқ ҳисобланарди. Бу синов инсоннинг иродасини, кучини, жасурлигини имтиҳон қиларди. Ўша қалқонни кўтара олмаган нусха эди ўша хоин. У барибир ватанини сотарди. Ва шундай бўлди ҳам.
Четга бориб, пул эвазига уйланиб олаётган, қул бўлаётган одамни сотқин спарталикка ўхшатаман. Танасини сотиб, бегонага лутф қилаётган аёл ҳам ундан кам эмас. Ватанпарварлик пулга сотилади, деб ўшалар айтади. Чунки уларда Ватаннинг ўзи йўқ!
Ажнабий отанинг куёви (танишим деявериш ноқулай) бобосининг қазосига етиб келолмади дедик. Бундайлар кўп. Ҳатто ота-онасининг, оға-инининг сўнгги дамида ёнида бўлолмаганлар қанча.
Эътиқод
– Шўро ҳукумати даврида биз азият чеккан жиҳатлар саноқсиз эди, - дейди тарих фани ўқитувчиси Олимжон Маҳматқулов. – Одатларимиз, эътиқодимиз топталган вақт кўп бўлган. Лекин аксар кишининг юрагини ўртаган нарса айнан яқинининг жанозасига бориб, дуойи фотиҳа қилолмагани. Айниқса, амалдор, давлат одами бу фарзидан маҳрум қилинди. Ким ҳам иссиқ жойини бўшатишни хоҳларди? Фарзанд, оила бор, ахир. Шўроларнинг энг даҳшатли тажовузларидан бири эътиқодимизга чанг солишгани эди.
Буни қарангки, бугун асл ислом моҳияти, маънавият сарчашмалари юз очаяпти. Дин тозалиги таъминланиб, улуғлар номи тикланмоқда. Бундан фахрланиб турган вақтимизда нега баъзилар ўз майли билан мафкурадан, покликдан, оқибатдан узоқлашмоқда? Нега дунёга келишига сабаб бўлган инсонларга, туғилган жойига хиёнат қилмоқда? Ахир меҳрга меҳр билан жавоб бермасликнинг номи бошқача аталмайди-ку!
***
«Эллик йилда эл янги». Бу ҳам халқ мақоли. Давлатимиз мустақил бўлганига бор йўғи йигирма бир йил бўлди. Демак, бизнинг давлатимиз ҳали анча ёш. Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар, улкан-улкан қурилишлар, шаҳарсозлик ишлари, ободончилик ҳаракатлари самарасини кўриш учун ҳеч бўлмаганда, шаҳримиз кўчаларида айланиб юрган сайёҳнинг кўзига, ҳайратига қарасак, кифоя. Мобода уни суҳбатга тортсангиз, оғзидан бол томади. Катта гап эмас, синаб кўринг. Ўша машҳур ибора – «Ҳамма йўллар Римга эмас, Ўзбекистонга – Тошкент-у Самарқандга, Бухоро-ю Хивага элтаётгани» ҳам бир итальян сайёҳининг гапи эмасмиди?!
Давлат иродали, кучли, ватанпарвар, фидойи инсонлар билан қудратли. Маънавияти соф, мафкураси бутун авлод билан одимлайди. Шу юртда яшашни аввало тақдирим, эркинлиги, тинчлиги бахтим, обод ва фаровонлиги мақсадим, деб яшаш эса бурч.
Исомиддин ПЎЛАТОВ.      

Комментариев нет:

Отправить комментарий