понедельник, 12 октября 2015 г.

Шоир бўлиш учун шеър ёзиш шартми?


Баъзи тадбирларда «Фалончи шоир сўзга чиқсин» деб қолишади. Очиғи, дастлаб «Фалончи шоир»ни танимаганимиз учун хижолат бўлардик. Энди кўникдик. Чунки уни сиздан бошқалар ҳам танимайди-да! Қизиғи, «сен қанақа шоирсан» деб кўринг, китоб(лар)и билан башарангизга туширади. Тўғрида, бир нечталаб китоби чиққан бўлса-ю сиз унинг шоирлигига шубҳа қилсангиз! Алам қилмайдими?..
Алам қилади. Ўша шоирнинг китобини варақлаб кўринг, вақтингизнинг «ҳавога учгани» алам қилади. Қўлимизга тушган, охирги икки-уч йил ичида чоп этилган баъзи китобларни варақладик. Муаллифларини номма-ном айтмоқчи эдиг-у яхшиси, улар ҳақида ёзганлари «гапирсин», қабилида иш тутишни маъқул кўрдик.
Масалан, «Қалам сеҳри» деб номланган тўпламдаги бир шеърдан парча: «Севаман деб алдадинг, Унутдингми ваъдангни. Қалбинг бунча тош экан, Кўтар эски жандангни».
Мана сизга шеър! (Муаллиф ҳар қалай эркак киши эмас). Шеър «Севги дардлари» деб номланган. Мана сизга олий туйғунинг ифодаланиши. Рости, бунақа сатрларни шеър эмас, қоғоз кўтариши мумкин. Китобда бунданда «кучлироқ»лари топилади.
Яна бир китоб «Жомбой наволари» деб номланган. Ўша тўпламдан тўрт сатр келтирамиз: «Дуо қилинг, азизлар, Жойим жаннатда бўлсин, Қабрим гулга бурканиб, Доимо нурга тўлсин». («Васиятнома»). Ёки «Пахта экдим даламга, Ишқида ёна-ёна». («Пахтакор қиз қўшиғи»). Келинг, шеърдан ҳеч қандай янгилик, «изм», мантиқ талаб қилмаган ҳолда ўқийлик-да. Бундай шеърлар ўқувчига нима беради? Эслангда, қирқинчи йилларда авж олган шаклбозликни ёдга солмайдими?
Ёки «Мароқанд тароналари» тўпламидан жой олган мана бу шеърга эътибор беринг-да. «Ширин-шакар сўзлари, Кулиб турар кўзлари. Эшикдан кириб келса, Нурга тўлар юзлари». («Ойдиной шифокорга»). «Ширин-шакар сўзлари» жумласини бошқа янгироқ сўзлар билан ифодалаш мумкин эмасми?  Униям қўйинг, шифокор эшикдан кириб келса, юзи нурга тўларкан. Бошқа вақт-чи? Шифокор Ойдиной опа шу шеърни ўқиб таъсирлангани шубҳали. Қолаверса, юзи нурлига атаб ҳам, нурсизга атаб ҳам шеър ёзиш мумкин. Ҳамма китобга кираверса, ташқарида ким қолади?..
 «Жажжи қизинг ўзим, Азиза қизинг, Содиқ фарзанд бўлмоқ орзу, тилагим. Сен менга ишонгин сени асрайман, Уриб турар экан митти юрагим» («Мўъжаз кўнгил мўъжизалари» тўплами, «Ватан» шеъри). Шеърнинг тўртинчи мисраси қандайдир корейс сереалидан тўғридан-тўғри олинган. Таҳлил ўзингиздан.
Ҳар йили кўплаб бадиий китоблар яратилаяпти. Бу китоблар аслида Адабиёт бўла олаяптими? Ўша майдонга кира олаяптими? Рости, аксарият китоблар сизнинг китоб жавонингиздан жой олмагани учун сира афсусланмайсиз. Сабаб, ойдин. Савиясиз китоблар кимга ҳам керак (муаллифга керак бўлмаса). Бир аллома аёзганди: Ҳаёт тутуруқсиз китобларни ўқиб ўтказишга арзимайди. Шундай экан, энг яхши, сара, шоҳ асарларни ўқинг, деб. Ибратли гап. Савиясиз китоблар ҳам вақтингизни олади, ҳам асабингизга тегади.
Хўш, муаммо қаерда?
Китоблар аввало, муаллифнинг истаги билан, пул тўласа чиқиб кетаверадими? Китобнинг мазмунига ким жавоб беради? Муаллифми, муҳаррирми, нашриётми?
Бизнингча, учаласи ҳам бирдек жавобгар.
Борингки, китоб эгаси шеър ёзаркан, китоб чиқаришни ният қилибди, қаршилик йўқ. Аввало, китоб учун пул тўланади. Маблағ шунчаки, китоб шаклдаги «шеърлар» жамланмасига сарфланиб, уни ўзидан бошқа ҳеч ким ўқимаса кимга керак бундай китоб? (Балки муаллиф ёш ёки ижод назарияси, қоидасидан йироқдир).
Аммо шеърларни муҳаррир бирма-бир кўриб чиқади-ку. Наҳот, муҳаррирнинг савияси ҳам ҳаминқадар бўлса. У ижодкорга жумлаларни ишлашга кўмаклашиб, қайтадан шеърлари устида ишлашга мажбур қилиши керак эмасми? 
Баъзи китобларга аннотация ҳам, сўз боши ҳам муҳаррир томонидан ёзилганини кўриш мумкин. Балки сўз боши, тақризни ижоддан яхшироқ хабари бор инсон ёки бирор адабиётшунос ёзиб берса маъқул бўлармиди?
Нашриётлар кўп. Улар орасида хусусийлари ҳам анчагина. Бироқ ҳар қандай нашриётни ҳам адабиётдан, умуман, илмдан хабари бор одам бошқаради-ку! Демак, мазмуни саёз, бўш китобларни нашр қилмасликнинг иложи бор.
Биз бир нечта шеърий китобларни мисол тариқасида кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Насрий асарларнинг мазмуни ҳам мақтагулик эмас. Аммо бу билан бугун чоп этилаётган китобларнинг ҳаммасини ҳам рад этиш инсофдан бўлмайди. Яхши китобларни мақташ шарт эмас. Маъқул асар ўз баҳосини ҳар доим топади.
Буюк ёзувчилар ўз асарини фарзандига қиёслайди. Гўёки фарзанд туғилгач, сизники бўлиш билан бирга, жамиятнинг ҳам бисотидир. Адабиёт ҳам шундай. Ёзилган асар китоб ҳолида чоп этилгач, сизники бўлмай қолади. Адабиётнинг бир бўлагига айланади. Адабиёт эса мантиқсиз, яроқсиз асарларни қабул қилмайди.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий