Фельетон
ёхуд
кашфиёт қилаётган аёллар…
Раҳмат эшитиш
яхши-да. Газета, теле-радио, борингки, оддий шикоятлар дафтари орқали бўлса-да
раҳматнома эшитмаган касб ёки соҳа эгалари камдан-кам бўлса керак. Ўлиб-тирилиб
ишласанг-у биров меҳнатингни қадрламаса, одамга алам қиларкан. Лекин, сиз, электрчилар
нега бугун ҳеч кимдан раҳмат эшитмай қўйдингиз?!
Мен шахсан ўзимдан келиб чиқиб, сизларга раҳмат айтмоқчиман. Бундан
балки, бироз шубҳага ҳам борарсиз – бу кимса нега бизга ташаккурнома йўллаётган
экан, деб. Балки, “Ҳойнаҳой шу боланинг электрдан катта миқдорда қарзи бор ёки
унинг яқинларидан бири “электросет”да ишласа керак”, деб ҳам ўйлагандирсиз.
Инчинун, сўнгги вақтларда айнан сиз, “ҳожатбарор”ларга нисбатан каминада
бунчалик меҳр уйғонгани сабабларини ёзаётганларимиз давомида билиб оласиз.
Онажонимга қўнғироқ қилдим:
– Ассалому алайкум, онажон!
– Ваалайкум ассалом, ўғлим яхш…
“Узилиб” қолди. Қишлоқда “антенна” бўлмаяпти, деган хаёлда рақамни
теравердим, теравердим. Фойдаси бўлмади. Бу кунисига эрта тонгда боғланишга
мушарраф бўлдим. Телефонларингиз нега ишламайди, десам “уйда ток йўқ” дейишди.
Айтишларича, ўша куни тонг азонданоқ, бир неча дақиқа ёнган электрдан
фойдаланиб, зўрға “заряд” олишибди. Қишлоқдошларимдан ранжидим. Нима, ток бор
экан, деб уйдаги ҳамма телефонга қувватни бира тўла олдириш шартмикан? Бунақада
тоғ ҳам чидамайди-ку! Битта телефон ишласа бўлди-да. Ҳаммада “сотка” бор –
саксон ёшли бувимдан тортиб, бошланғич синфга борадиган жиянимдаям.
Шу воқеа сабаб англадим – сиз, электр тармоқлари мутасаддилари кишилар соғлиғи,
давлат манфаатини ўйлаб шундай қилмоқдасиз. Ахир, телефоннинг инсон саломатлиги
учун кони зарар эканлиги бугун кундек равшан. Бутун дунё мутахассислари шу
муаммо устида бош қотиришмоқда – телефонни яратишга яратдиг-у унинг
иллатларидан инсониятни ҳимоя қила олмаяпмиз. Қойил, бу муаммони сиз осонликча,
устамонлик билан ечмоқдасиз! Қувватсиз телефоннинг нима зарари бор - сизга раҳмат!
Яна бир гап. Қўшни хола нолиб қолди – “Ҳе ордона қолгур, айни менинг
сериалим бошланди, дегунча свет ўчади. Шуям инсофданми?! Ўша электрчиларнинг
хотини ёки қизи йўқмикан-а? Нима, улар сериал кўрмайдими? Ҳе, дунё бехабарлар!”
Гапини қаранг, “менинг сериалим” эмиш. Яна қарғангани ортиқча. Очиғи,
аёлларнинг сериал кўришига кўпчилик
эркакларнинг тоқати бўлмаса керак. Бор гап-да, аёлингиз уйга кирганингиздан
бошлайди сериал воқеаларини ҳикоя қилишни, то эртаси куни эрталаб ишга чиқиб
кетгунингизча. Тасаввур қилинг, буёқда бола йиғлаб ётса-ю хотинлар қаёқдаги бир
мексиканканинг отаси кимлиги-ю пинхона “севгилиси” ҳақида бош қотиришса. Гапнинг
қисқаси, ҳар куни кечқурун сериал “ичиб”, нонуштага ҳам шуни “тамадди” қилиш оғир
экан.
Яшанг, сиз, “светчи”лар шарофатингиз билан ҳозир аёлларимиз анча тинчиб қолишди.
Тасаввур қилинг, худди корейс аёлларига ўхшаб, соатлаб жим ўтиришади. Асосийси,
қулоқ тинч. Бунинг учун ҳам сизларга раҳмат. Катта муаммодан халос этдингиз
эркакларни.
Агар, жа чидолмай кетиб, биз, эркакларнинг дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан
хабардор бўлгимиз келиб қолса, бунинг ҳам йўли бор. Бир литр солярканинг нархи
фалон минг сўм турса-да бунинг иложини топаяпмиз. Фақат аёлларимиз уйқуга
кетган вақти.
Бугунги даврнинг жиддий муаммоси нима? Биз, шарқликлар учун - “оммавий
маданият”! Унинг иллатлари кириб келаётган омиллардан бири шубҳасиз, Интернет.
Аниқроғи, компьютер. Ишонаверинг, бугунги ёшларнинг аксарияти замонавий
технологиялардан кўнгилдагидек фойдаланишни билади. Шукурки, аксарият қишлоқларимиздаги
ёшлар электр энергиясидаги танқислик туфайли бу имкониятдан бебаҳра қолмоқда.
Айтганча, сизларнинг шарофатингиз билан қишлоғимиз мактабидаги компьютерлар
жамланмаси мана, саккиз йилдирки яп-янги. Шу кетишда яна кўп йил “хизмат қилиши”
кафолатланган. Бунинг учун кўпчилик номидан яна бир бор раҳмат сизларга.
Туни билан чироқ ёғдусида шуларни ёздим-у эрта тонгдаёқ муҳим бир
тадбирга боришим ёдимга тушди. Ўша тадбирга бориш учун мўлжалланган кийимларим
кечаси ювилган. Аёлим эрталаб менга шумшайиб турибди. “Ҳа”, десам “свет йўқ”
дейди. Вақт оз, нима қилиш керак? Аёлим йўлини топди – беш дақиқада кўз олдимда
кўйлагимни дазмоллаб берди. Қандай қилиб дейсизми, унда рецептини ёзиб олинг:
бунинг учун бизга керак бўлади – хотин, дазмол, газпечка ёки кўмир. Дазмолни
оласиз, газпечканинг устига қўйиб, қизитасиз? Қораси юқмаслигига эътибор қилсангиз,
кифоя. Озгина вақт ичида дазмол қизийди ва “гуриллатиб” кийим-бошни
дазмоллайсиз.
Хурсандман! Сизлар сабаб аёллар тадбиркор, ишбилармон, ҳар ишнинг
уддасидан чиқа бошлаяпти. Керак бўлса, кашфиёт қилишаяпти. Раҳмат сизларга. Кўпчилик
номидан раҳмат. Ҳа, айтганча, юқорида дазмолни газпечканинг устига қўйиш ҳақида
гапирдик. Газпечка ҳақида бошқа сафар…
Исомиддин ПЎЛАТОВ.
Яхши макола. Сизга хам рахмат.
ОтветитьУдалить