Мустақиллик,
Ватан, эрк, истиқлол аталмиш тушунчалар бор. Баъзи мен тенги ёшлар бу
терминларни нутқида, сўзлашув услубида баралла ишлата оладилар. Ўйлаб қоламан,
«Нима, мен ватанпарвар эмасманми?» Йўқ, бу юртни севмаслик ёки лоқайдлик билан
белгиланадиган ҳолат эмас…
1985
йилда туғилганман. Демак, эрксизликнинг олти йилини кўрибман. Мантиқан олиб қараганда,
олти яшар болани биров кўкрагидан итариши ёки ўзи бир бурда нон топиши, айтар сўзини
ичига ютиб, ҳуқуқи поймол бўлиши мумкин эмас. Бу ҳолат бўлган тақдирда ҳам, у
буни ҳис эта олмайди. Ҳис этган тақдирдаям улғайганда унут бўлади. Яъни, «мен
«у тузум»дан азият чекмаганман» дегувчилар ёши – даврни ҳис этмай туриб, мустақилликда
улғайганлар қаторидаман.
Ўтмиш
ҳақидаги ҳақиқатни қаердан билдим? Китоблардан! Дастлаб мактабнинг юқори
синфларида ўқитувчиларимиз ижодкорлар ҳаётини, боболар татиб кўрган азоб,
зиёлиларнинг қатлиоми ҳақидаги дарсликлардан илғадим. Ич-ичимдан келгинди,
хоинларга нисбатан нафрат ҳиссини туйиб, Чўлпон-у Қодирийни, Усмон Носир-у Беҳбудийни
«ҳимоя» қила бошладим. Бора-бора мустақил қисса-романлар ўқиб, оқни оққа, қорани
қорага ажрата бошлаганим ҳам рост. Саид Аҳмад, Тоҳир Малик асарларида
тасаввурим шаклланиб борди. Тоғай Муроднинг «Бу дунёда ўлиб бўлмайди»сини ўқиб
титраб кетдим. Боболаримга ачиндим. Ичим жунбушга келди. Йигирманчи асрнинг биз
«кун кўрди» деб атаб юрган забардаст зиёлиларининг-да яширин азобини,
эрксизлигини англадим.
Баъзида
эллик-олтмишни қоралаганлар суҳбатида бўлганимизда «ғалати» мулоҳаза
юритадиганлари ҳам учраб туради. Эмишки, «илгари замонда» нонни, ёғни, қисқаси,
яшашни ўйламай яшаган экан одамлар. Ўша давранинг ўзида бу фикрга кескин қарши
чиқадиганлар ҳам топилади: «Сен нимани биласан, ўша замондаям гўр эмасдинг.
Ишламай, тишлашни маъқул кўрардинг. Биринг икки бўлмаган… Ҳамма вақт меҳнат қилган
яхши яшайди…» Даврадаги ёшлар иккиланиб қолади. «Ўша давр қайси давр эди»
дегувчилар ёки ҳавас билан ўтмишга термулганлар ҳам топилади.
Очиғи,
мен ҳам бир тийинга гугурт сотиб олганимни элас эслайман, арзимас чақага ўйинчоқ
машина харид қилганимниям. Аммо, қанчалаб одамларнинг умри гугурт донасидек
ёниб кетганини, ўйинчоқ машинага алданиб юрганини ўзимча мулоҳаза қиламан. Ахир
инсон бошқа мавжудотлардан фарқли ўлароқ, аввало кечаги кунини, тарихини билиб,
боболарга муносиб бўлишга интиладиган, эртани кўзлаб, болаларга нимадир қолдиришни
ўйлайдиган, маънавияти, онги билан ажралиб турадиган якка-ю ягона хилқат
эмасми? Қолаверса, ҳатто ҳайвонда ҳам ўз ерини, оиласини ҳимоя, рашк қилиш
инстикти бор. Шу ҳақиқатларни ўйлаганда, юқоридагидек «у замон»ни
орзулаганларни, рашки йўқларнинг ҳолига ачинади, киши.
Ватанни
севиш, эрк, она тупроқни англаш йўли узун. Биров юртини ташлаб, биров бошини қашлаб
англайди бу туйғуни. Умри давомида англаб етмаганлар ҳам бор. Ватандошининг ўзга
юртда қанча қиймат касб этишини бир кўришдаёқ биладиганлар, номус ва ғурур
даллоллари ҳам топилади.
Бизнинг
қўшни қишлоқ – Санчиқулда бир бобой яшайди. У кишини унча яхши танимаган ёшлар
«ҳожи бова» деса, ёши улуғлар «Қаҳҳор малим» дейишади. Тўқсонга яқинлашиб қолган
Қаҳҳор ҳожи Нормуҳаммедов бир воқеани сўзлаб берди:
Тупроқ
Насиб
этган экан, мустақилликнинг эпкин шамоли эсиб турган доруломон йилларда Ҳаж
амалини адо этиш бахтини туйдим. Фарзандлардан тинчиб, кўнгил хотиржамлиги
билан сафарга отландим. Биз юртдошларимиз билан Арабистон мамлакатининг бир улуғ
қадамжосини зиёрат қилгани бордик. Ўша ерда жамоамизга нотаниш бобой узоқ
тикилиб қолди. Ўзаро гап-сўзларимиздан ўзбеклигимизни билди чоғи, ишонч ҳосил қилиш
учун ўзбекча савол берди:
– Қаерликсизлар, биродарлар?
– Ўзбекистонданмиз!
Нотаниш одам бизни тавоф қилгудек бўлиб қўлларимизни сиқди. Кўзлари ёниб,
титраб сўзларди. Қизиғи, ўзининг кимлигини, ўзбекчани қаердан билишини айтмаёқ,
сўроққа тутарди. Унинг гап-сўзларидан ўзбекистонлик – самарқандлик эканини
англадим. Чунки у Самарқанднинг эллик-олтмишинчи йилги қиёфасини тасвирлаётган
эди. Бегона инсонни дилини оғритиб қўйишдан чўчиб, ўтмиши ҳақида савол
бермадик.
Ўша одам биздан тупроқ сўради. Ўзбекистоннинг тупроғи! Рости, агар ҳозир
унга тупроқ бермасак, йиғлаб юборишдан ҳам тоймасди. Ялингудек боқарди.
Ота-боболаримиздан бир яхши одат қолган. Узоқ сафарга чиқишганда ўзи
билан Ватан тупроғини олиб кетишади.
Унга халтачамдан бир сиқим тупроқ олиб тутқаздим. Тупроқни қўллари қалтираб
оларкан, бармоғини лаби билан ҳўллаб, дунёда энг улуғ нарсани татиб кўрмоқчидек
ялади. Ҳамманинг кўз ўнгида саксонни қоралаган нуроний чўккалаб йиғлади… Ҳаммамиз
йиғладик. Йиғи ичимиздан оқиб келарди. Ўзимизни тутолмадик. Бу – Ватан соғинчи
эди! Тупроқнинг, юртнинг кучи эди!
***
Телевизорни
ёқиб, «Ахборот» ёки «Давр» информацион дастурларини бир кўринг-да. Ўзбекистоннинг
бир куни, тараққиёт, ривожланиш йўлидаги шахдам ва инсонийлик тамойили билан суғорилгани,
тинчлик ва дўстлик аталмиш энг улуғ тушунчалар оқимида бораётганига гувоҳ бўласиз.
Шу ўринда дунёнинг энг ривожланган, баъзилар умри давомида талпинган
давлатларнинг-да нотинч, уруш ва қўпорувчилик, табиий офатлар гирдобида кўрамиз.
Гўё икки хил дунё…
Бундан
ташқари, минг-миллионлаб мисолларни келтиришдан не наф? Ахир Ватан ишқи инсон
фитратида бор. Бўлмаганини эса ҳаётнинг ўзи кўнгилга солиб қўяди…
Исомиддин ПЎЛАТОВ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий