четверг, 10 декабря 2015 г.

Ғазнавийни енгган аллома

Буюк ўзбек қомусий олими, Хоразмнинг Қиёт кентида туғилган Абу Райҳон Беруний фаолияти билан боғлиқ турли қизиқарли маълумотлар ва ҳикоятлар мавжуд. Дастлабкиси унинг қиёфаси билан боғлиқ. Манбаларда келтирилишича, ёшлигида алломанинг бурни катта бўлгани учун «Бурунли» тахаллусини олган экан. 

Беруний  турк, араб, форс, лотин, ҳинд, грек, иврит, санскрит тилари, сурия диалектини мукаммал билган. Асарларини ўша вақтда удумда бўлган араб тилида яратган.
Беруний ўз даврининг деярли барча илмининг алломаси бўлган. Унинг жами ишлари руйхати саноқдан ташқаридир. Шогирдлари томонидан майда ҳарфлар билан тузиб чиқилган Беруний ишлари номлари руйхатининг ўзи 60 бетни ташкил қилади.
Алломанинг беназир устод бўлганлигига оид ҳикоятлардан бири Ғазнадаги янги туркий салтанатнинг улуғ ҳоқони Маҳмуд ибн Сабуқтегин (Ғазнавий) билан боғлиқ.
Хоразмдан Ғазнага келтирилган алломанинг илми ва кучли мантиқ эгаси бўлганлигидан яхши хабардор бўлган Маҳмуд Ғазнавий Берунийни шахсан синаб кўрмоқчи бўлиб, уни бир хонага жойлаштирибди, сўнг Берунийга  хонадаги тўрт эшикнинг қайси  биридан ҳоқоннинг олим ёнига кириб келишини аниқлашни буюрибди. Беруний атрофидаги тўрт эшикка ва  хонага кириб келажак Маҳмуд Ғазнавийга бир-бир боқиб чиқибди-да сўнг устурлобни келтиришни сўрабди. Асбоб ёрдамида қуёшнинг баландлигини аниқлаб, уни юлдузлар жадвали билан солиштирибди, математик ҳисоб-китоблар қилиб, қоғозга нималарнидир ёзибди-да ҳоқон кўз унгида хатни гиламнинг тагига беркитиб қуйибди.
Ҳоқон олимга муғомбирона ва кинояли қараб, синовни бошлаш учун шаҳдам қадамлар билан хонадан чиқиб кетибди. Маҳмуд Ғазнавий ҳеч  ким ўйламаган ишни қилибди. У тўрт эшикнинг ҳеч биридан кирмай, хизматкорларга деворни тешиб, бешинчи эшикни очтирибди-да ўша ердан табассум билан Беруний ҳузурига ташриф буюрибди.
Маҳмуд Ғазнавийнинг синов шартини келтиришдаги топқирлигига қойил қолган сарой аъёнлари унинг шарафига ҳамду санолар, шоирлар эса ким ошарига олқишлар айтишни бошлашибди. Берунийга эса бечорага қарашгандек боқишибди. Музаффар кайфиятдаги Маҳмуд Ғазнавий шартга кўра гилам остидаги қоғозни олдиртириб ўқий бошлабди: «Сабуқтегин ўғли Маҳмудхон хонадаги тўрт эшикнинг ҳеч биридан кирмайди, шарқ томондаги девордан яна битта эшик очиб, ўша ердан кириб келади».
Синовда енгилганлигидан изза бўлиб, ғазабга минган ҳоқон Берунийни хизматчилар билан олдиндан тил бириктирганликда айблаб, олимни деразадан ташлаб юборишни буюрибди. Шундай ҳам қилишибди, бироқ пастдаги қаватнинг дераза манглайига қалин бўз тортилганлиги учун олим унга илашиб, лат емай ерга тушибди. Берунийни қайта ҳоқонни қошига келтиришганда, Маҳмуд завқ билан олимга қичқирибди: «Ҳар қалай парвоз қилишингни сен олдиндан билолмадинг-ку!» «Билолдим», – жавоб берибди олим ва ўзининг тақдир башоратлари китобини келтиришни сўрабди. Бу кунга аталган саҳифага шундай ёзиб қуйилган экан: «Мени юксак иморатдан шунқор қилишади, бироқ Тангри изми билан соғ ҳолда яна оёққа турурмен».
Маҳмуд Ғазнавийнинг олдингисидан ҳам қаттиқроқ қаҳри келиб, Берунийни қалъага қамаб қўйибди. Бироқ, кейинчалик алломанинг буюк иқтидорига тан берган ҳоқон уни ёнига олади. Аллома бу ҳоқон ҳомийлигида инсоният ақлу заковатининг нодир дурдоналари бўлган қомусий асарлар яратди. Маҳмуд Ғазнавий 17 марта Ҳиндистонга юриш қилган вақтида Беруний унинг ёнида бўлди, машҳур «Ҳиндистон» асари  ушбу  юришлар  оқибатида ёзилди.
Беруний биринчи ўринда илм одами эди. 1048 йили 9 декабрь куни Ғазнада вафот этаётган Берунийнинг тўшаги атрофида яқинлари, шогирдлари йиғилишганда, устод улар билан бир-бир видолашади. Бироқ келганлар ичида хоразмлик устози Абу Насрнинг кичик шогирдларидан бирининг борлигини англаб, унга «Хой Урганжий, сиз қўшимча қиймат масаласининг устасисиз, доим сиздан бир савол сўрмоқ илинжида эдим, энди бундан-да ортиқ фурсат бўлмағай» деб ундан «Ҳисоб-китобда фойда олиш усуллари»га оид савол сўрайди. Шогирд «Устоз, ҳозир саволнинг мавриди эмас-ку»  деганда,  Беруний «Бу очунни ғафлатда тарк этишни истамаймен», деб жавоб берибди. Юртдошининг жавобини тинглаган Беруний муаммоли жойларига ўз фикрини билдириб, масаланинг тўлиқ ечилишига эришибди. Шундай қилиб, аллома умрининг сўнгги нафасини ҳам янги бир кашфиётга бағишлаган экан.
Эркин МУСУРМОНОВ,
доцент.

Комментариев нет:

Отправить комментарий