четверг, 10 декабря 2015 г.

Отасини танимаган бола


– Дада, илтимос, математикамга қарашворинг…
Эндигина бешинчи синфга ўтган Зокиржон уйга вазифасини тушунмай, отасидан ёрдам сўради. Ота бир дарсликка, бир дафтарга қарди-ю тоқати етмадими ёки мисолга тушунмадими, «Онангга кўрсат, менинг вақтим йўқ», дея болани онасига йўналтирди.
Она эса дададан ҳам «бандроқ» эди. Кўзини телевизордан узолмагани учун уйга вазифани тушунтириб беришга унинг ҳам «тиши ўтмади».
– Нима, мен сенга ўқитувчиманми, бунақа қийин масалани қаёқдан билай?! Шу, ўқитувчиларнинг ҳам билими ҳаминқадар бўлиб қолганми, дейман, – деди Фароғат опа. Аёл бу гапни энди кўчага отланаётган эрига айтдими, ўзича гапирдими, боланинг ақли етмади…

Таниш манзара. Ҳозир кўплаб хонадонларда шу каби ҳолат тез-тез такрорланиши бор гап. Баъзида маҳалламиздаги қайсидир «ақлли» мактабдаги «иккичи» боласининг билим пастлигига ўқитувчини айбдор қилади. Ваҳоланки, ўзи бирор марта мактабга бориб, боласининг устозлари билан ҳамсуҳбат бўлмаган. Фарзандининг ютуқ-камчиликларидан хабардор ҳам эмас. «Хўп, ўқитувчининг савиясидан қониқмас экансиз, шу фикрингизни қачон мактаб маъмуриятига билдирдингиз, умуман, буни қандай асослай оласиз?», деб сўрасангиз, жавоб ҳам тайин: «Унда нега фарзандимнинг билими қониқарсиз? Болам нега мендан уйга вазифани сўрайди?». Шу ва шунга ўхшаш гаплар (аслида бу саволларни одам ўзига бериши керак). Аммо боланинг фанларни ўзлаштириши, унинг нафақат тарбияси, балки таълими ҳар доим ҳам устозларнинг зиммасида эмас-ку.
Яқинда бир газета телерекламасига гувоҳ бўлдим. Унда эндигина уйқудан уйғонаётган болакайнинг тепасига бир эркак келиб, эркаламоқчи бўлади. Қаршисидаги одамни кўрган бола додлай бошлайди. У шунчалик айюҳаннос солганидан эркак саросимага тушиб қолади. Томошабин ҳам бундай ҳолатга тушунмай, «бегона» одамнинг ҳаракатларини англамай турганда, ғалати воқеа содир бўлади. «Бегона» юзига реклама қилинаётган газетани тутади ва болакай «дадажон» дея отасини газета устидан қучоқлаб олади. Тамом. Назаримизда, изоҳга ҳожат ҳам йўқ. Чунки бу ота ҳар доим газета ўқиган ва бола отасини газета орқали танийди.
Энди ўзимизнинг ҳаётимизга бир назар ташлайлик. Хўш, бугун қанча хонадонда ҳар куни газета-китоб ўқиляпти? Бу саволга жавоб бериш анча мушкул. Аммо шуниси аниқки, ҳар бир хонадонда қўл телефони бор ва у кундан-кунга биз ва болаларимизнинг ўртасига парда тортяпти. Фарзандлар бизни телефонсиз танимай қолаётгани сир эмас. Аслида отасини газетасиз танимаган боладан кўра, телефонсиз тасаввур қилолмаётган фарзандларнинг тақдири номаълумроқ, назаримизда.
Фараз қилайлик, икки нафар фарзандингиз бор. Ишингиздан кечки еттиларда уйга қайтдингиз. Кечки овқат ва баъзи икир-чикир юмушлардан ортиб, боланинг мактабдаги ҳаёти билан танишишга бир соат вақт бемалол етади. (Оналарда бунинг учун вақт янада кўпроқ). Бу вақт табиийки, боланинг фақат таълими учун ажратилмоқда. Унинг тарбияси, хулқ-атвори, психологияси бутунлай бошқа жараён. Бунинг учун оталар ҳар доим шуғулланиши, вақт топа билиши, йўл-йўлакай ҳам бош қотириши керак. Қизиғи шундаки, тарбияси яхши боланинг билими, салоҳияти ҳам ёмон бўлмайди.
Улуғларимиз бекорга хонадонни мактабга қиёсламаган. Гапнинг индаллоси, ўқувчи фарзандингиз билан суҳбатлашишга ҳар куни вақт топинг, унинг келажакдаги режалари ҳақида тез-тез сўраб туринг. Шунда сиз унга бегона бўлиб қолмайсиз.
Исомиддин ПЎЛАТОВ. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий