Албатта, гап олий ўқув юртларига кириш учун ўтказиладиган
тест синовлари ҳақида бормоқда. Тўғри, аудиторияга кириш чоғида ҳар бир
абитуриент видеокамерага туширилади. Минг афсуски, ҳамма иш бевосита
аудиторияда ҳал бўлади. Синовдан чиққан,
айниқса етарли балл тўплай олмаган ёшлар айтадиган қуйидаги гаплар ҳаммага
таниш:
– Ёнимдаги шеригим
иккита уяли телефон олиб кирган экан. Биттасини олиб қўйишди, аммо у иккинчи
телефони билан «ишини битириб» олди.
– Аудитория назоратчиси
пайт пойлаб «шпаргалка»дан кўчирувчиларга имкон беради.
– Бир «бегона одам»
аудиториямизга кириб, иккита болага ёрдам бериб кетди…
Биз, хусусан, ота-оналар
бу гапларга ишонамиз. Чунки ичкарида нима гаплар бўлганини билмаймиз.
Энди фараз қилайлик,
тест имтиҳонлари бошлангунга қадар «тест даллоли» билан фарзандининг гувоҳлигида
савдолашган ота-она ўша пайтда нимани ўйлайди? Бу ота уйида фарзандига қандай қилиб
ҳалолликдан, одамгарчиликдан, ватанпарварликдан сабоқ беради? Шу каби
вазиятларга кўзи ўргана бошлаган боладан эртага нима кутамиз? Унинг келгусидаги
ҳаёти ҳам таъма ва фириб асосига қурилмаслигига кафолат борми?
Одамнинг таъбини хира қиладиган
бир ҳолат бор. Баъзи давраларда «Тестда адолат йўқ, ҳамма инсофсиз бўлиб
кетган» дегувчиларни учратиб қоламиз. Бу ўша одамнинг тушунчаси бузилганини
ифодалайди. Ҳар қанча тортишманг, ҳақиқатан ҳам ўқиган, ўзиниям, ўзгаларниям
алдамаган инсон ўтишига уни ишонтиролмайсиз. «Ана, Эшматнинг боласи пул билан ўқишга
кирди, меники эса йўқ» дейди. Бу олий ўқув юртига киролмаган бола учун барча
имкониятлар тугади, дегани эмас-ку. Ёки аксинча, ўқишга кирган абитуриент учун
барча имкониятлар эшиги очилганини ҳам билдирмайди. Чунки билими суст, лаёқатсиз
бола курсдошларидан ортда қола бошлайди. Ўшанда эса отасидан ўрганган усул – ҳамма
ишни пул билан битириш йўлини излайди. Хўш, қачонгача?
Шу ўринда бир таклиф.
Нега олий ўқув юртларида биринчи ярим йиллик натижалари бўйича талабанинг билим
кўрсаткичи таҳлил қилинмайди? Қолоқ талаба отасининг валломатлиги билан талаба
бўлса-да, ўқиб кетолмаётгани, ғирром йўллардан фойдаланаётгани нега маълум қилинмайди?
Зора, субутсиз боласининг аҳволини кўрган ота-оналардан бировининг виждони уйғониб
кетса! Мардлик қилиб, хатосини тан олса, бошқаларгаям буни тушунтирса. Ахир
етук кадрларни тайёрлашни ният қилган институт ҳам, жамият ҳам бундан
манфаатдор эмасми?
Яна бир ҳолат. Сўнгги
пайтларда абитуриентлар давлат имтиҳони топшириши арафасида ўқишга киритиб қўйишга
ваъда бериб, таъмагирлик қилгани учун олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари ҳам
қўлга олиняпти. Бу каби воқеалар ўқиш давомида ҳам кузатиляпти. Демак, устоз ўз
мақомини унутиб қўймоқда. Ҳужжат топшираётган абитуриентнинг отаси атрофида
гирдикапалак бўлаётган устоз эртага кимни, қайси юз билан ўқитишини ўйламаяпти,
назаримизда. Ўзининг шахсий машинасида устозининг ҳожатини чиқариб юрган, кафе
ва ресторанда улфатчилик қилаётган талаба китоб варақлашига ким ишонади? Дарс қолдирилганда,
фанлар ўзлаштирилмаганда «чўнтаги бақувват» болага паст баҳо қийишга қўли
борадими бундай домланинг? Афсуски, йўқ.
Бир танишим нолиб қолди:
«Бугун-эрта дипломимни ҳимоя қилишим керак. Мавзуим бўйича қарийб икки йил
изландим, китоб варақладим, мақолалар чоп эттирдим. Диплом ишимни мустақил ёза
олишимга ишонганим учун ҳам кимдандир ёрдам сўрамадим. Тайёр ишимни кўрган
илмий раҳбарим бирор жўяли камчилик айтмай, ишимни қайтараверди. Муомаласи ўзгарди.
Охиригача жиддий турдим, фикримни асослаш учун ҳафталаб юрдим. Баъзи
курсдошларим нега ўзига ёздирмадинг (!) ёки чойга олиб чиқмадинг, дейишди. Мен ҳозирданоқ
таъма умидида бўлаётган бу инсон етовида узоққа боролмаслигимни англаб,
келгусида у кишининг раҳбарлигида ишлаш фикридан қайтдим. Ҳимоямга бир кун қолгандагина
тескари ва аччиқ гаплар айтиб, диплом ишимга фикр-мулоҳазаларини ёзиб берди. Раҳбарим
ҳимоямгаям кирмади, лекин юқори балл билан ўтдим».
Шубҳасиз, бу борадаги
муаммоларнинг бош сабаби – абитуриент давлат имтиҳони топшираётганидаги
адолатсизликлар ва оқилона танловга эришолмаётганимизда. Чунки мустақил ҳаётнинг
дастлабки вақтлариданоқ қонунни бузишга, тизимни менсимасликка ўрганиш инсон
онгида бир умрга муҳрланиб қолади. Ҳамма вақт, ҳамма жойда алдашга интилади. Ваҳоланки,
бугунги талаба эртага жамиятни бошқаради.
Бундан беш-олти йилча
аввал спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобиль ҳайдаш, тезликни ошириш ҳолати
ва унинг салбий оқибатларига тез-тез гувоҳ бўлардик. Сўнгги пайтларда катта-катта
чорраҳалар, йўлларда камера ва фоторадарларнинг ўрнатилиши йўл ҳаракати
хавфсизлиги ходимларининг ишини анча енгиллатди. Муҳими, назорат кучайди. Ҳайдовчилар
жила қурса, айнан назорат ўрнатилган жойларда қоидани бузмайдиган бўлишди.
Демак, секин-асталик билан тартиб ўрнатиляпти.
Хўш, нега шу усулдан
давлат имтиҳонларини топшираётганда фойдаланмаймиз? Аудиторияларга кузатув
камералари ўрнатиб, монитор орқали ота-оналар, жамоатчилик ташқаридан кузатиб
борса, ўша пайтдаёқ ҳар бир абитуриент билимига баҳо берилади-ку. Нега бу
усулни қўллашни орқага суриб келяпмиз? Назаримизда, бу ишга қаршилик
кўрсатганларни тест жараёнидан умуман четлатиш пайти келди. Дарвоқе, фан
олимпиадиларида ҳам синфларга кузатув камераси қўйилиши унинг адолатли ўтишига
хизмат қилади. Ахир бундан қулайроқ ва ишончли назоратчи бўлиши мумкинми? Шубҳасиз,
бу нафақат жамоатчилик назоратини кучайтиради, балки адолат ва холисликни
таъминлашда дадил қадам бўлади. Энг муҳими, барча манфаат топади ва
миш-мишларга чек қўйилади.
Исомиддин ПЎЛАТОВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий